Ўзбекистон Россияда мигрантларга нисбатан ўтказилаётган куч ишлатиш рейдлари туфайли ТИВга нота йўллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилди.
Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидладик.
Бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратдик.
Ўзбекистон Республикаси хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда.
Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради.
Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз.
Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Элчихонамиз томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради.