Ўзбекистон Rossari Biotech Limited компанияси билан ҳамкорликда импорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Ҳиндистоннинг кимё соҳасида етакчи ҳисобланган “Rossari Biotech Limited” компанияси вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда асосий эътибор метилдиетаноламин (MDEA) кимёвий реагентини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш масалаларига қаратилди.
Маълумки, MDEA асосан табиий ва саноат газларидан нордон газларни (СО₂, Ҳ₂S) ажратиб олишда қўлланилади. Ҳозирда ушбу маҳсулот мамлакатимизга фақат импорт йўли билан келтирилади. “Россари Биотеч Лимитед” ушбу маҳсулотни маҳаллий хомашё базасида ишлаб чиқариш, замонавий қувватларни ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш билан бирга, маҳсулотни хорижий бозорларга экспорт қилиш ташаббусини билдирди.
Мулоқот давомида инвесторларга Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар, уларнинг инфратузилмавий имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар якунида томонлар таклиф ва имкониятларни таҳлил қилиш, улар асосида қўшимча чоралар кўриш ҳамда ҳамкорлик учун устувор йўналишларни белгилаб олиш юзасидан келишиб олдилар.