Ўзбекистон расман Богота Чақириғига содиқлигини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш: Глобал ташаббуслар ва Ўзбекистоннинг истиқболдаги имкониятлари” мавзусидаги давра-суҳбатида ушбу содиқлик расман маълум қилинди.
Қатор мутасадди давлат органлари ва идоралари раҳбарлари, жумладан АОКА директори Асаджон Ходжаев иштирок этган тадбирда янги қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши, эрта жавоб чораларини кўрадиган хизматлар ва комплекс ёрдам дастурларини йўлга қўйиш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди.
Богота Чақириғи ташаббуси бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ давлатларни бирлаштириб, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўл харитасини тақдим этади.
Ушбу глобал ташаббус болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этишга қаратилган.
Чақириқ қуйидаги устувор йўналишларни ўз ичига олади:
Болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш;
Ҳуқуқий ҳимоя;
Маълумотларга асосланган ёндашувлар;
Болаларни ҳимоя қилиш тизимларини мустаҳкамлаш;
Рақамли муҳитдаги хавфларни бартараф этиш;
Асосий манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Музокаралар давомида қонунчиликни такомиллаштириш, самарали ҳимоя механизмларини жорий этиш, 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасидаги миллий стратегия ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.