Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Япония иқтисодиёт вазири билан IТ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Токиё шаҳрида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япониянинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Кога Юичиро билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ҳар икки томон йиллар давомидаги самарали ҳамкорлик ва доимий қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.
Шу билан бирга Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Шерзод Шерматов Япония Ташқи савдо ташкилоти (JETRO)нинг 2025 йил кузида Тошкентда бўлиб ўтадиган ICT WEEK доирасида Япониянинг илк миллий павилонини ташкил этаётгани учун миннатдорчилик билдирди ва ушбу йирик тадбирни муваффақиятли ўтказишга Ўзбекистон томони тўлиқ тайёр эканини билдирди.
Бу ташаббус Япония компаниялари учун Ўзбекистон билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатиш ва IТ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини яратади.
Иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Кога Юичиро Токиода IT Parkнинг ваколатхонаси очилганининг муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу воқеани икки томонлама муносабатларда янги босқич, бизнес ҳамкорлик учун эса муҳим пойдевор сифатида баҳолади. Шунингдек, у рақамли инсон капитали ривожига қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Тошкент шаҳрида жорий йил 23–26 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистоннинг рақамли тадбири — ICT WEEK 2025 да иштирок этишга таклиф қилинди. Томонлар икки давлат ўртасидаги дўстона ҳамкорликни кўплаб ташаббуслар орқали янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.