Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири JBIC билан рақамли инфратузилмани ривожлантиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япония Халқаро Ҳамкорлик Банки (JBIC)нинг бошқарув раиси Ҳаяши Нобумитсу бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати, истиқболдаги режалари ва рақамли технологиялар соҳасидаги янги лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рақамли инфратузилмани модернизация қилиш, ИТ-таълимни ривожлантириш ва халқаро таълим муассасалари билан қўшма дастурларни яратиш, стартаплар лойиҳалар орқали инновацион ғояларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро самарали мулоқотни давом эттириш, устувор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишиб олдилар.