Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон қишки электр энергияси таъминоти ва сувни сақлаш бўйича келишиб олдилар
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон қишки электр энергияси таъминоти ва сувни сақлаш бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Аккенженов, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Қирғизистон Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қирғизистон Республикаси Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Алмаз Жеэналиев иштирок этди.
Томонлар сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш параметрлари тўғрисида келишиб олдилар. Тўхтағул сув омборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, учрашув иштирокчилари ўзаро электр энергияси етказиб бериш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ва келгуси вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қарор қилишди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бу Қирғизистон томонига қишда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш ва Тўхтағул сув омборида сув тўплаш имконини беради. Жамғарилган ҳажм вегетация даврида жанубий ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғоришни таъминлаш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади.
Бундан ташқари, минтақада истеъмолни камайтириш ва энергияни тежаш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокаралар иштирокчилари ҳамкорликдаги ишлар яхши қўшничилик руҳида олиб борилаётгани ва бутун Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон томони транзит, етказиб бериш ва энергия тизимини мувозанатлаш учун техник шартларни таъминлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Йиғилиш якунида 2026 йил вегетация даври учун қишки электр энергияси етказиб бериш ва сув тўплаш ҳажмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи уч томонлама баённома имзоланди.