Ўзбекистон Қонунчилик палатаси уч давлат чегараларининг туташган жойи тўғрисидаги шартномани ратификация қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартномани (Хўжанд, 2025 йил 31 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси билан сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси тубдан ўзгариб, янги қиёфа касб этди. Конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди. Бугунги кунда яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларга таянган Марказий Осиё вужудга келди.
Бу борада, уч мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши – ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенглик тамойилларига асосланган айнан ушбу кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир. Айни дамда, ушбу шартнома бутун минтақанинг яқинлашувида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шартнома 2025 йил 31 мартда Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида имзоланган. Унга кўра, уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтанинг жойлашуви ҳамда туташган нуқта ҳудудида давлат чегаралари чизиқларининг ўтиши аниқланди.
Мазкур шартнома уч қардош мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамланишига, бутун Марказий Осиё минтақаси халқаро нуфузининг янада ошишига хизмат қилади.
Шартнома шунингдек, уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашувига, чегарадош ҳудудлар иқтисодий ҳамкорлигининг кучайишига, чегараолди савдонинг ортишига, чегара ҳудудларда турли инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга, янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.