Ўзбекистон қишлоқ аҳолисининг 93 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил январь-август ойларида ўтказилган уй хўжаликлари танланма кузатуви маълумотларига асосан, Ўзбекистонда қишлоқ жойларида яшовчиларнинг 93,9 фоизи интернетдан фойдаланади.
Қиёс учун, шаҳар аҳолиси орасида бу кўрсаткич 94,3 фоизни ташкил этди. Шу тариқа, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги интернетдан фойдаланиш даражасидаги фарқ деярли йўқолди.
Статистика маълумотларига кўра, қишлоқ ҳудудларда рақамли имкониятлар барқарор ўсишда. 2021 йилда интернетдан фойдаланувчи қишлоқ аҳолиси улуши 72,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 81,8 фоизга, 2023 йилда — 87,6 фоизга, 2024 йилда эса 92,6 фоизга етган.
Шаҳарларда ҳам шунга ўхшаш тенденция кузатилмоқда: 2021 йилда интернет фойдаланувчилари улуши 79,4 фоиз бўлган бўлса, 2022 йилда — 86,1 фоиз, 2023 йилда — 90,4 фоиз, 2024 йилга келиб эса 94 фоизга етган.
Қишлоқ жойларда интернет қамровининг ўсиши мамлакатда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли хизматларни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижаси бўлиб, улар ҳудудлар ўртасидаги рақамли тафовутни камайтиришга қаратилган.