Ўзбекистон Президенти Тожикистон Президентини таваллуд куни билан табриклади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, биродар Тожикистон халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги ўрнини қайд этиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатларимизда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ва кун тартиби ҳам муҳокама қилинди.