Ўзбекистон Президенти Рамазон ойида муҳтожларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш чораларини тасдиқлади
Ўзбекистон Президенти Рамазон ойида муҳтожларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш чораларини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги Преидент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидаги тоифадаги шахсларга 1 млн сўмдан 1 марталик моддий ёрдам кўрсатилади:
Ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилаларга;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги фуқароларга;
етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.
Ижтимоий реестрнинг “камбағал оила” тоифасидаги ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан 1 марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 6 минг нафар бемор аъзоларининг даволаниши ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади.
2026 йил 1 мартга қадар Рўйхат асосида оилаларнинг ижтимоий карта ёки банк пластик карталарига бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.