Ўзбекистон Президенти Европа билан энергетик ҳамкорлик учун «яшил стратегик йўлак» яратишни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий Осиё Европа учун энергетик барқарорликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларга ўтиш жараёнида ишончли ҳамкорга айланиш салоҳиятига эга. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев EuroNews нашрига берган интервьюсида таъкидлади ва минтақа жаҳон энергетика мувозанатида муҳим ўрин тутиши мумкинлигини қайд этди.
«Марказий Осиё нафақат ишончли энергия ресурслари етказиб берувчиси, балки жаҳон углерод нейтраллиги жараёнининг фаол иштирокчисига ҳам айланиши мумкин. Бизда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд, айниқса, Каспий ва Қора денгизларни Европа билан боғлайдиган «яшил стратегик йўлак» лойиҳаси доирасида. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши ўзаро манфаатли энергетик ҳамкорликнинг мустаҳкам асосига айланади», — деди Президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари қайта тикланувчи энергия манбаларини жадал ривожлантираётганини таъкидлади. Яқин йилларда умумий қуввати 24 ГВт бўлган 50 дан ортиқ қуёш ва шамол электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. 2030 йилга бориб, қайта тикланувчи энергия манбалари миллий энергетика балансининг 54%ини ташкил этиши керак.
Ушбу чора-тадбирлар иссиқхона газлари чиқиндиларини 16 миллион тоннага камайтириш ва Париж келишуви бўйича мажбуриятларни муддатидан олдин бажариш имконини беради.
Бундан ташқари, энергетика тизимларини модернизация қилиш самарадорликни ошириш ва углерод изини кескин камайтиришга ёрдам беради.