Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Қирғизистон раҳбари билан самарали учрашувни қайд этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга самимий қабул ва очиқ ҳамда ишончли руҳда ўтган мазмунли учрашув учун миннатдорчилик изҳор этди.
Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларини ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ривожланиш ва фаровонликка интилиш умумий мақсадлари бирлаштириб тураётганини таъкидладилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратади ва Қирғизистонни энг яқин қўшни ҳамда стратегик ҳамкор сифатида кўради.
Саида Мирзиёева ҳамкорликнинг аниқ ютуқларини қайд этди: чегара масалалари бўйича эришилган келишувлар, миллий ID ҳужжатларини тан олиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда Камбарота ГЭС-1 ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш.
Суҳбат давомида ёшлар ташаббуслари ҳам муҳокама этилди. Жумладан, «Заковат» интеллектуал ўйини бўйича қўшма турнирлар ўтказилиши ёшлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
«Ўзбекистон ва Қирғизистонни асрлар давомида шаклланиб келган қардош ва қўшничилик ришталари бирлаштириб туради. Биз уларни қадрлаймиз ва мустаҳкамлаймиз», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.