Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Назорат инспекциясини тугатиш тўғрисида фармон берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 14 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Администрация ҳузуридаги Назорат инспекциясини дарҳол тугатиш ҳақида эълон қилди ва унинг фаолиятини қаттиқ танқид қилди.
Давлат раҳбари таъкидлашича, кенг ваколатларга эга бўлган ушбу тузилма ўз вазифаларини етарли даражада бажара олмади.
"Назорат инспекциясига нима учун шунча ваколат берилган? Вазирларга яхши кўриниш учун, улар нимани берса, шуни кўтариб келмасдан, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича нега таклиф киритмайди?", - деди давлатимиз раҳбари.
Фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни ҳисобга олиб, Президент Администрациясининг Назорат инспекциясини бугуннинг ўзида тугатишга қарор қилинди.
Шу боис ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди.
Бундан буён ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади.
Эндиликда Ҳисоб палатаси қарорлар билан берилган маблағларни фақатгина тўғри сарфланишини эмас, балки нима самара берганини, аҳоли бундан қанчалик рози бўлганини ҳам ўрганади.
Палата раиси ҳар бир қарор ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, заиф нуқталар, “аравасини тортмаётган” раҳбарлар ва ишламаётган тизимлар бўйича ўз таклифини ҳар ойда Президентга киритади.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Назорат инспекцияси 1990-йиллар охирида ташкил этилган бўлиб, Президент фармон ва қарорлари, топшириқлар ижросини республика ва маҳаллий даражадаги органлар, корхона ва муассасаларда назорат қилган.
Президент Мирзиёев йиғилишда вазирлар ва ҳокимлар фаоллик билан иш олиб бориши лозимлигини алоҳида таъкидлади:
«Раҳбарларнинг асосий вазифаси — одамлар ва бизнеснинг муаммоларини жадал ҳал этиш бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.