Ўзбекистон парламенти делегацияси АҚШдаги ватандошлар билан учрашув ўтказдиz
Ўзбекистон парламенти делегацияси АҚШдаги ватандошлар билан учрашув ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенаторлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари АҚШда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ватандошларимизга мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хориждаги фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган, шунингдек, мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимиз учун яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар, стипендиялар ва маданий-маърифий дастурлар ҳамда “Илдиз” ва “Чинор” платформалари орқали кўрсатилаётган хизматлар алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда ватандошларимизга тезкор ва сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш, шу билан бирга Ўзбекистон тараққиёти йўлида инвестициялар, экспорт, туризм, таълим, IT ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.