Ўзбекистон Омбудсмани Парламентга 2025 йилги фаолияти бўйича ҳисобот тақдим этди
Ўзбекистон Омбудсмани Парламентга 2025 йилги фаолияти бўйича ҳисобот тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун билан Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилиб, у ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига ўз фаолияти тўғрисида маъруза тақдим этиши белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, Омбудсман 2025 йилда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш каби устувор вазифалар тўғрисида тайёрланган маърузасини Қонунчилик палатасига тақдим этди.
Маърузада келтирилганидек, ўтган йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакилларининг ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни ҳуқуқларини таъминлаш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошди.
Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган.
Омбудсман томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2024 йилга нисбатан 7,0 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса 14,0 фоизга ошган. Уларнинг ижроси асосида ундирилган ва ундирилиши белгиланган маблағлар эса қарийб 1,8 млрд. сўмни ташкил этган. Шунингдек, Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 36 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 72,2 фоизи ижобий ҳал этилган.
Шунингдек, Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 та мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Бунинг натижасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлашга эришилган.
Депутатлар Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасида қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар.
Шу билан бирга, Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасини ижобий баҳолаб, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.
Мажлисда Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилиб, кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.