Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси 2026 йил Рамазон ойининг бошланишига изоҳ берди
Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси 2026 йил Рамазон ойининг бошланишига изоҳ берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дунё мамлакатларида муқаддас Рамазон ойининг бошланиши ҳар доим ҳам бир вақтга тўғри келавермайди ва турли саналарга тўғри келиши мумкин, дея хабар қилади Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси.
Ўзбекистонда ҳижрий 1447 йил Рамазон ойининг биринчи куни Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳузуридаги Фатво ҳайъати уламолар кенгаши қарорига мувофиқ 2026 йил 19 февралга тўғри келади.
Мазкур қарор 17 феврал куни уламолар кенгаши томонидан Рамазон ойи ҳилоли кўринмагани тасдиқлангандан сўнг қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олиб борган кузатувлар ҳам ушбу натижаларни тасдиқлади.
Шу тариқа, 2026 йил 18 феврал Шаъбон ойининг 30-кунига тўғри келади, Рамазон ойининг бошланиши эса 19 феврал этиб белгиланди.
Кўплаб мусулмон мамлакатлари ҳам 2026 йил 19 феврални муқаддас Рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилди. Улар қаторида Миср, Иордания, Сурия, Ироқ, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Индонезия, Бруней, Уммон, Сингапур, Австралия, Япония, Покистон, Ҳиндистон, Малайзия ва Жанубий Корея бор.
Бундан ташқари, Фатво ва тадқиқотлар бўйича Европа кенгаши ҳам 2026 йил 19 феврални Рамазон ойининг биринчи куни сифатида тасдиқлади.