Ўзбекистон МДҲ йиғилишида рақамли қурилиш ислоҳотларини тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — МДҲ давлатлари Кенгашининг 46-йиғилиши нафақат қурилиш соҳаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки соҳадаги илғор тажриба алмашинуви учун ҳам муҳим платформага айланди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутахассилари томонидан рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими, рейтинг балл тизими ҳамда қурилиш объектларининг очиқ ахборот портали бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Мазкур тизимлар соҳада очиқлик ва самарадорликни таъминлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш, шунингдек, назорат жараёнларини автоматлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Тақдимот давомида МДҲ давлатлари вакиллари Ўзбекистонда қурилиш жараёнларини рақамли платформаларга ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, ушбу тажрибани минтақавий даражада қўллаш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган рейтинг балл тизими қурилиш ташкилотларининг фаолиятини адолатли баҳолаш, уларнинг масъулиятини ошириш ва соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу тизим МДҲ мамлакатлари учун ҳам амалий аҳамият касб этувчи универсал модель сифатида эътироф этилди.
Бундан ташқари кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасида очиқлик ва шаффофликни ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Менинг уйим” биллинг тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу тизим орқали мавжуд 1,4 миллион хонадондан иборат 42 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг бошқарув жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Бугунги кунда ҳисоботлар, тўловлар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари рақамли шаклда қайд этилиб, аҳолига қулай тарзда етказилди.
Умуман олганда Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги тажрибаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида шаффофлик, ҳисобдорлик ҳамда замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий кўриниши сифатида эътироф этилди.