Ўзбекистон Марказий банки YANGI BANKни ликвидация қилиш бошлангани ва кафолатланган омонатлар бўйича тўловлар ҳақида маълум қилди
Ўзбекистон Марказий банки YANGI BANKни ликвидация қилиш бошлангани ва кафолатланган омонатлар бўйича тўловлар ҳақида маълум қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонунчиликка мувофиқ YANGI BANK акциядорлик жамиятини ликвидация қилиш бўйича Комиссия тузилгани ва ўз фаолиятини бошлагани ҳақида маълум қилади.
Айни пайтда омонатчилар рўйхати (реестри) шакллантирилмоқда, ушбу жараён 8 иш куни давомида амалга оширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2 иш куни ичида Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан компенсация миқдори ҳамда агент-банк тўғрисида расмий веб-сайтида қўшимча ахборот эълон қилинади. Тахминан ушбу ахборот 28 январь куни жойлаштирилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатлари давлат томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва миқдорларда кафолатланади. YANGI BANKдаги кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Омонатчилар тўловлар бўйича қўшимча маълумотни Агентликнинг ишонч телефони орқали олишлари мумкин: 555 500 500. Банкни тугатишга оид умумий масалалар бўйича Комиссиянинг call-маркази фаолият юритмоқда: +998 78 777 88 87.