Ўзбекистон маҳсулотларни маҳаллий бозорга илгари суриш учун Мўғулистонга B2B-бизнес миссияси ташкил этмоқда
Ўзбекистон маҳсулотларни маҳаллий бозорга илгари суриш учун Мўғулистонга B2B-бизнес миссияси ташкил этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4–6 март кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўзбек корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бозорларни очишга қаратилган навбатдаги «Made in Uzbekistan» бизнес-миссияси бўлиб ўтади.
Миссия доирасида мўғулистонлик импортёрлар билан B2B-учрашувлар ўтказиш, мамлакатнинг етакчи компаниялари ва савдо ассоциациялари билан музокаралар олиб бориш, шунингдек Ўзбекистон ва Мўғулистон тадбиркорлари ўртасида шартномалар имзолаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Мўғулистон бозори, логистика хусусиятлари, солиқ ва божхона тартиб-қоидаларига оид махсус тақдимотлар ташкил этилади.
Қайд этилишича, Мўғулистон бозорида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар каби ўзбек ишлаб чиқариш маҳсулотларига бўлган талаб юқори.
Бизнес-миссия тадбиркорларга нафақат экспорт алоқаларини кенгайтириш, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини ҳам тақдим этади.