Валюта курслари 26/09/2025
$1 – 12199.71
UZS – -0.16%
€1 – 14328.56
UZS – -0.35%
₽1 – 146.09
UZS – 0.08%
Қидириш
Ўзбекистон маданий ва гастрономик туризмга эътибор қаратиб, йилига 20 миллион сайёҳни жалб қилишни мақсад қилган

Ўзбекистон маданий ва гастрономик туризмга эътибор қаратиб, йилига 20 миллион сайёҳни жалб қилишни мақсад қилган

Ўзбекистон маданий ва гастрономик туризмга эътибор қаратиб, йилига 20 миллион сайёҳни жалб қилишни мақсад қилган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ислоҳотлар агентлигида «Reformatics» консалтинг компанияси раҳбари Ника Гилаури билан учрашув бўлиб ўтди.

Ҳозирда мазкур компания билан ҳамкорликда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича 2040 йилгача мўлжалланган стратегия устида иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда экспертлар томонидан юртимиздаги меҳмонхоналар ва туроператорлар ҳолати, транспорт инфратузилмаси, виза масалалари, ҳар бир ҳудуддаги сайёҳлик салоҳияти, хизмат кўрсатиш мажмуалари ўрганилди.

Ўтган йили мамлакатимизга 10 миллиондан ортиқ хорижий турист келган. Лекин кўплаб тарихий обидалар, хушманзара жойлар, маданий ва гастрономик имкониятларга нисбатан бу кам. Шу боис хорижий туристлар сонини йилига 20 миллион нафарга етказиш ҳамда юқори даромадли сайёҳларни жалб этиш мақсад қилинмоқда.

Консалтинг компанияси бунга эришиш учун бир қатор тавсияларни билдирган. Улар 5 та устувор йўналиш – маданият ва тарих, гастрономия, «Лухурй» туризм, кўнгилочар туризм ҳамда инновацион туризмни ривожлантиришга қаратилган. Бу, ўз навбатида, янги туристик маҳсулотларни яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини кескин ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, самарали маркетинг кампаниялари орқали мамлакатни халқаро майдонда кенгроқ танитиш каби комплекс чора-тадбирларни талаб этади.

Шу мақсадда сайёҳларни сегментлаш, фаол чиқиш туризмига эга мамлакатлар билан алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори туристларни жалб қилишда биринчи омил бўлган транспорт соҳасида қулайликларни ошириш, халқаро қатновларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида фақат Тошкент орқали эмас, тўғридан-тўғри авиапарвозларни ҳам йўлга қўйиб, ички туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунга мувофиқ, «Reformatics» консалтинг компанияси мутахассисларининг мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудига ташрифини ташкил этиб, мутасаддилар билан бирга қўшимча имкониятларни ўрганишга келишиб олинди. Бу орқали ҳудудий салоҳиятдан тўла фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича 2040 йилгача мўлжалланган стратегияни тасдиқлашга оид Ўзбекистон Республикаси  Президенти фармони лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ҳамда жорий йил ноябрда Давлат Раҳбари ҳузурида тақдимот қилиш вазифаси белгилаб олинди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ислоҳотлар юзасидан «Reformatics» компаниясининг тавсиялари кўриб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР