Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилоти Бошқарув кенгаши сессияларида иштирок этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон божхона ташкилотининг Брюсселдаги бош қароргоҳида Божхона Ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги 145-146-йиллик сессиялари бўлиб ўтмоқда.
Сессияда ташкилотга аъзо 186 та давлат вакиллари иштирок этишмоқда.
Сессиянинг бугунги иш кунида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сондерс ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконьо Ивеала сўзга чиқди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ташкилот доирасидаги минтақавий маслаҳатлашувларда иштирок этиб, сессия кун тартибидан жой олган божхона маъмуриятчилигини рақамлаштиришга доир турли ташаббусларни ўзаро муҳокама қилишди.
Сессиянинг бугунги иш кунида кадрлар салоҳиятини ошириш, тарифлар ва савдо масалалари, тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уларга риоя этилишини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегация панел сессияларида иштирок этиб, товар қийматини белгилаш, юк ташувларининг глобал хавфсизлиги Дастури (SAFE), электрон савдо, чегараларни мустаҳкамлаш, божхонада гендер тенглиги ва аҳлоқ қоидалари каби долзарб масалаларни муҳокама қилишди.
Сессияга ташрифи доирасида Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов бир қатор муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бугун эса турли делегациялар раҳбарлари билан ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтди.
Жумладан, Туркия божхона хизмати раҳбари Сезай Учармак билан ўзаро суҳбатда жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари иштирокидаги Қўшма божхона кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти делегацияси раҳбари Ван Линцзюнь билан мулоқотда эса божхона ҳудудида қайта ишлаш режими юзасидан ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг Уйғунлашган тизим қўмитаси вакиллари билан учрашувда ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 14 майда қабул қилинган ПҚ-181 сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси илк бор давлат тилида амалиётга жорий қилинди. Халқаро экспертлар ушбу янгиликни катта қизиқиш билан қабул қилиб, саноқли давлатларгина бунга эришганини эътироф этишди.