Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Иқтисод 16/08/2025 Ўзбекистон Жаҳон банки билан давлат харидлари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон Жаҳон банки билан давлат харидлари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 август куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат харидлари сиёсати департаменти директори Сарвар Назаров ҳамда янги тайинланган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича давлат харидлари гуруҳи раҳбари Зҳенту Лиу ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда 2025 йил даврида ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар таҳлил қилиниб, жорий ва 2026 йилда лойиҳаларни шакллантириш мақсадида ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Бунда қуйидаги соҳаларда лойиҳаларни амалиётга тадбиқ қилиш юзасидан ўзаро келишувга эришилди. Хусусан:

- илғор халқаро тажриба асосида ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда давлат харидларида ишлаб чиқарувчи корхоналар, шу жумладан, кичик бизнес субъектларини тизимли қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли дастур ишлаб чиқиш;

- давлат харидлари тизимининг самарадорлиги ва натижадорлигини комплекс таҳлил қилиш борасида эксперт ўрганишларни ташкил этиш;

- давлат харидларида шартномаларни бошқариш тизимини самарали жорий этиш мақсадида хорижий тажрибани ўрганиш ва бу борада халқаро экспертлар кўмагини жалб қилиш бўйича лойиҳаларни шакллантириш белгилаб олинди.

Шунингдек, музокаралар давомида давлат харидлари соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказида соҳа мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш тизимини жорий этиш ҳамда мутахассисларни сертификация орқали малакасини баҳолаш жараёнини ташкил этиш бўйича Жаҳон банки вакиллари техник кўмак кўрсатишга тайёр экангликларини билдирди.

Шу билан бирга, суҳбат доирасида давлат харидларини бошқариш ва назорат қилиш тизимлари, мониторинг механизмларини такомиллаштириш, коррупцияга қарши чоралар кўриш ва олдини олиш стратегиялари, марказлашган харид тизимини самарали жорий этиш, сунъий интеллект асосида харид жараёнларини автоматлаштириш ҳамда «яшил» харид амалиётларини оммалаштириш мавзулари муҳокама қилинди. 

Учрашув якунлари бўйича жорий ва келгуси йиллар учун аниқ ва режали “йўл харита” ишлаб чиқилиши қайд этиб ўтилди.

Музокаралар якунида томонлар онлайн тарзда ва мунтазам равишда маслаҳатлашув амалиётини кенгайтириш юзасидан келишиб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг