Валюта курслари 30/01/2026
$1 – 12199.10
UZS – 0.25%
€1 – 14585.24
UZS – -0.02%
₽1 – 160.49
UZS – 0.38%
Қидириш
Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсади, бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил қилади

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсади, бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил қилади

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсади, бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил қилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда жамоатчилик иштирокида макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Мухамедов ҳамда Иқтисодий ўсишни таҳлил қилиш ва прогнозлаш ҳамда монетар, фискал ва ташқи савдо сиёсатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш департамент директори ўринбосари Акмалжон Ғаниев иштирок этиб, тегишли соҳалар бўйича тақдимотлар қилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Тадбир давомида мамлакат иқтисодиётида 2025 йилда эришилган натижалар, шунингдек, ўрта муддатли истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан батафсил ахборот тақдим этилди.

Қайд этиш лозимки, глобал иқтисодиётдаги юқори ноаниқлик ва жаҳонда кузатилаётган геосиёсий зиддиятлар шароитида мамлакатимизда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш борасидаги чоралар натижасида 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръати 7,7 фоизни ташкил қилди. Бунда, бозор хизматлари ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишинг асосий драйвери бўлиб, 2025 йилда 14,7 фоизга, саноат 6,8 фоизга, қурилиш 14,2 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 4,4 фоизга ошди.

Шу билан бирга, аҳоли жон бошига ЯИМ 5,7 фоизга ўсиб, 3 881 доллардан ошди. Камбағаллик даражаси 5,8 фоизни ташкил этди ва 2024 йил якунига нисбатан 3,1 фоиз бандга камайди.

Бундан ташқари, 2025 йил давомида Давлат бюджети барқарорлиги ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллигини белгиланган кўрсаткичлар доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2025 йил учун белгиланган консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 0,9 фоиз бандга пасайиб 2,1 фоизни ташкил этди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ 2025 йилда Давлат бюджети даромадлари 2024 йилга нисбатан 31 фоизга ошиб, 360 трлн сўмни ва Давлат бюджети харажатлари 2024 йилга нисбатан 23,5 фоизга ўсиб, 384 трлн сўмни ташкил этди. Бунда, Давлат бюджети харажатларининг 51 фоизи ёки 195 трлн сўм маблағ ижтимоий соҳани (таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий нафақа ва бошқалар) ривожлантириш учун сарфланди.

Шунингдек, тадбир давомида 2026 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, иқтисодий ўсиш суръатлари, фискал барқарорликни таъминлаш чоралари ҳамда давлат молиясини бошқариш йўналишлари муҳокама марказида бўлди.

 

Хусусан, иқтисодий ўсиш суръати 2026 йилда камида 6,6 фоизни ва инфлация даражаси 6–6,5 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бундан ташқари, 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонуни билан тасдиқланган консолидациялашган бюджети тақчиллиги (ЯИМга нисбатан 3 фоиз) тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Очиқ мулоқот савол-жавоб шаклида ўтказилиб, унда бюджет сиёсатининг устувор йўналишлари, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш омиллари, ҳудудий ривожланиш масалалари ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш механизмларига доир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур тадбир давлат молияси ва макроиқтисодий сиёсат соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик билан мулоқотни янада кучайтиришга қаратилган изчил ишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР