Ўзбекистон иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Жаҳон банки билан жамоат транспортини модернизация қилиш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Жаҳон банки вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда Жаҳон банкининг транспорт амалиёти раҳбари Шомик Раж, транспорт масалалари бўйича мутахассислар ҳамда бир қатор масъуллар иштирок этди.
Учрашувда Жаҳон банки экспертлари билан Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва ҳудудлараро боғлиқликни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида автобус йўлакларини ташкил этишни жадаллаштириш, электр автобуслар жорий этишни кенгайтириш, маршрутлар тизимини оптималлаштириш ҳамда электрон тўлов тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, велойўлаклар ва замонавий бекатлар қурилиши, йўлларда хавфсизликни ошириш, транспорт оқимини самарали бошқариш ҳамда тирбандликларни камайтиришга оид таклифлар тақдим этилди.
Жаҳон банки вакиллари, Франция, Англия ва АҚШ тажрибалари ҳамда Хитой, Марокаш, Бразилия ва бошқа бир қатор давлатларда амалга оширилган тезкор автобус йўналишлари, метро ва ақлли транспорт тизимлари бўйича лойиҳалар натижалари билан ўртоқлашди. Мазкур тажрибалар Ўзбекистон учун ҳам мослаштирилиши мумкинлиги таъкидланди.
Якунда томонлар Ўзбекистон транспорт тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Жаҳон банки билан олиб бориладиган қўшма лойиҳалар жамоат транспорти сифатини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарлараро боғлиқликни кучайтириш орқали фуқароларга янада қулай, хавфсиз ва замонавий хизматларни тақдим этишга хизмат қилади.