Валюта курслари 30/10/2025
$1 – 11990.53
UZS – -0.12%
€1 – 13959.38
UZS – -0.24%
₽1 – 150.71
UZS – 0.33%
Қидириш
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Сеулда бўлиб ўтган Халқаро полиция саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Сеулда бўлиб ўтган Халқаро полиция саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Сеулда бўлиб ўтган Халқаро полиция саммитида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси халқаро жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда мазкур соҳадаги ҳамкорликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 21-23 октябрь кунлари Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги томонидан Сеулда ташкил этилган бешинчи Халқаро полиция саммитида иштирок этди.

Полиция органлари ўртасида анъанавий тарзда ташкил этиб келинадиган энг йирик тадбирлардан бири бўлган мазкур саммитда 30 дан ортиқ хорижий давлатнинг 90 нафардан ортиқ вакили иштирок этди.

Саммит иштирокчилари, ҳозирда дунёда рўй бераётган таҳликали жараёнларда полицияга оид истиқболдаги йўналишларни белгилаш, рақамли трансформация даврида келажакдаги полиция фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларга ҳамоҳанг равишда инновацион сиёсат ва қарашларни муҳокама қилиш, дунё полиция ҳамжамияти билан ўзаро икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳамда келгусида жамият учун мос келадиган полиция стратегиясини яратиш учун интеграциялашган ғояларни ишлаб чиқишга қаратдилар.

Шунингдек, Саммит доирасида Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов Миллий полиция агентлиги Бош комиссари вазифасини бажарувчи Ю Же Сонг жаноблари билан музокара ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган Саммит доирасида мамлакатимиз делегацияси Корея ҳамда бошқа ҳамкор давлатларнинг полиция органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, мамлакатимиз делегатлари, тадбир доирасида ташкил этилган Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги ташкил топганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қатнашдилар.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги делегацияси «Korea Police world Expo–2025» кўргазмасига ҳам ташриф буюриб, кўргазма доирасида кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаларнинг фаолияти, замонавий ахборот технологиялари ҳамда полиция соҳасида жорий этилган илғор инновациялар билан яқиндан танишдилар.

Ташриф жараёнида делегация аъзолари Корея Миллий полиция университети фаолиятини ўргандилар, Корея полициясига кадрлар тайёрлаш, ўқув ва малака ошириш тизими, шунингдек соҳага оид илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди.

Корея полициясининг тажрибасини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳар полиция агентлиги Авиация бўлинмаси фаолияти билан танишдилар.

Мазкур бўлинма жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларда дронлар, полиция вертолётлари ва бошқа авиация воситаларини қўллаш билан шуғулланишини инобатга олиб, мазкур соҳада тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу тадбирлар жаҳон полиция ташкилотлари ўртасида тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни ўрганиш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг