Валюта курслари 20/02/2026
$1 – 12169.41
UZS – 0.3%
€1 – 14359.90
UZS – -0.0%
₽1 – 158.95
UZS – -0.09%
Қидириш
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси БААда рақамли ва инновацион хавфсизлик технологиялари билан таништирилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси БААда рақамли ва инновацион хавфсизлик технологиялари билан таништирилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси БААда рақамли ва инновацион хавфсизлик технологиялари билан таништирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Бирлашган Араб Амирликлари полиция тузилмаси билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мазкур давлатда хизмат сафарида бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари – Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, рақамли технологияларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига кенг жорий этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ташриф дастури доирасида делегация БАА Ички ишлар вазирлигининг қатор тузилмалари фаолияти билан бевосита танишдилар.

Жумладан, Инновациялар марказида хавфсизликни таъминлашда сунъий интеллект, рақамли таҳлил ва интеллектуал кузатув тизимларидан фойдаланиш амалиёти намойиш этилди.

Марказий операциялар бош бошқармасининг Марказий амалиёт ва бошқарув марказида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб қайтариш, ягона диспетчерлик ва видеомониторинг тизимларининг ишлаш жараёни билан танишилди.

Шунингдек, Фаровонлик бошқармаси фаолияти мисолида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, психологик барқарорликни таъминлаш ва самарали корпоратив муҳит яратишга қаратилган тизимли ёндашувлар ўрганилди.

Ташриф давомида Вазирлик делегацияси Дубай полицияси Бош қўмондони Абдулла Халифа Ал Марри билан учрашув ўтказдилар. Суҳбат чоғида жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини рақамли платформалар орқали ташкил этиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва “ақлли шаҳар” концепцияси доирасида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз делегацияси Дубай полициясининг авиация бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишди. Унда жамоат тадбирлари даврида ҳаводан мониторинг олиб бориш, қидирув-қутқарув тадбирларини амалга ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ва махсус операцияларни мувофиқлаштириш имкониятлари намойиш этилди.

Ахборот технологиялари бошқармасида киберхавфсизликни таъминлаш, маълумотлар базаларини ҳимоя қилиш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот қилинди.

Шунингдек, Дубай полициясининг Жиноятларни тергов қилиш департаменти, Криминалистика ва криминология бош департаменти, Жиноятларни мониторинг ва назорат қилиш бошқармаси ҳамда Туризм полицияси бошқармаси фаолияти билан танишилди.

Илғор тажрибага эга бўлинмаларнинг замонавий техника ва юқори технологик жиҳозлар билан таъминлангани алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган мазкур ташриф Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг