Валюта курслари 01/08/2025
$1 – 12692.42
UZS – 0.8%
€1 – 14511.24
UZS – -0.24%
₽1 – 158.44
UZS – 3.0%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2025 Ўзбекистон ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити учун рухсатноманинг амал қилиш муддати 90 кун этиб белгиланмоқда

Ўзбекистон ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити учун рухсатноманинг амал қилиш муддати 90 кун этиб белгиланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, республикада аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити билан боғлиқ рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш, шунингдек иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда фавқулодда вазиятлар натижасида етказилган зарарни баҳолаш механизмларини аниқ белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Амалдаги “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Қонунда транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан 30 кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда эса мазкур муддат узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу муносабат билан муҳокама қилинган Қонун билан “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Қонунга транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати кўпи билан 90 кун этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши назарда тутилмоқда, мазкур муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтириш мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Қонун билан “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити ҳажмини оширишга, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг