Ўзбекистон ҳарбийлари Уэльсда ўтказилган "Кембрия патрули –2025" халқаро мусобақасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Уэльсда (Буюк Британия) ўтказилган "Кембрия патрули" халқаро ҳарбий мусобақаларида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мусобақаларда Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа 30 дан ошиқ давлатлардан 150 дан ортиқ жамоа қатнашди. Улар 70 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиш, йўналишнинг турли жойларида кимёвий ва биологик таҳдид шароитида ҳаракат қилиш, табиий ва сунъий тўсиқлардан ўтиш, мудофаа ва ҳужум операцияларини амалга ошириш ҳамда мураккаб жойларда йўналишни топиш каби жанговар вазифаларни бажардилар.
Ўзбекистон қуролли кучлари жамоаси юқори даражадаги жисмоний тайёргарлик, профессионализм ва жамоавийликни намойиш этиб, ўз гуруҳида 26 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллади. Улар барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, маршрутни биринчилар сафида якунладилар.
Умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.
Таъкидлаш жоизки, британиялик ва бошқа ҳарбий мутахассислар Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг тайёргарлик даражасини юксак баҳолаб, уларнинг жанговар вазифаларни бажаришдаги мукаммал кўникмаларини ва маҳоратини алоҳида таъкидладилар.
"Кембрия патрули" 60 йилдан буён ҳар йили ўтказилиб келинади ва дунё бўйлаб ҳарбийлар орасида жанговар шароитларда чидамлилигини синовдан ўтказиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун хизмат қилади. Унда иштирокчи бўлинмалар 48 соатдан камроқ вақт ичида 70 км масофани босиб ўтиб, кўплаб ҳарбий манёврлар ва патруллик вазифаларини бажарадилар. Машғулотлар Уэльснинг тоғли ва ботқоқ, ўтиш қийин бўлган ҳудудларида ташкил этилади.