Ўзбекистон фуқаролари яна E-8 мавсумий бандлик дастури доирасида Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мумкин бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Корея Республикасининг Геонгсангнам-до (Gyeongsangnam-do) провинцияси губернатори Pak Wansu билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар E-8 мавсумий ишчи визаси асосида Тошкент вилояти аҳолисидан ишчиларни танлаб олиш ва уларни провинциянинг Ҳапчон, Чонгнянг округлари ҳамда Мирянг шаҳрида 8 ой (5+3) муддатга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишга жалб этиш бўйича келишиб олди.
Миграция агентлиги ва Геонгсангнам-до провинцияси ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишчи кучини жалб қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Корея Адлия вазирлиги ўртасида ўтган музокараларда фуқароларимизни E-8 мавсумий меҳнат дастурига қайта жалб этиш бўйича келишувга эришилган эди. Бугун имзоланган ҳужжат эса ушбу келишувнинг амалий босқичидир.
Корея Адлия вазирлиги талабига кўра, бундай келишувларда ишчи кучини юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ белгиланиши шарт.
Жорий йил 23–25 сентябрь кунлари Геонгсангнам-до провинцияси губернаторининг Тошкент вилоятига амалий ташрифи доирасида икки ҳудуд ўртасида дўстлик меморандуми имзоланган эди.
14 октябрда Миграция агентлиги билан имзоланган ҳамкорлик келишувида юқорида қайд этилган ҳудудлардаги мавсумий ишларга айнан Тошкент вилояти аҳолисидан ишчиларни танлаш белгиланган.
Пилот тарзда провинциянинг 3 та ҳудудидан ишчи кучига бўлган талабнома олиш ва 2026 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ишчиларнинг интизоми ва самарадорлигига қараб, ҳамкорликни бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтириш режалаштирилган.
Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистон Кореяга E-8 визаси орқали ишчи юборган илк давлат бўлган ва 420 нафар фуқаро пилот лойиҳа асосида ишлаган эди. Бироқ, айрим ишчилар 5 ойлик шартнома муддати якунлангач ҳам ватанга қайтмагани сабабли, ушбу виза дастури Корея томонидан тўхтатилган эди.
Кўп сонли фуқароларимизнинг мурожаатларига кўра, икки давлат масъул ташкилотларнинг бир неча йилдан буён олиб борган музокаралари натижасида Корея ҳукумати мазкур имкониятни яна қайта очишга қарор қилди ва бундан унумли фойдаланишни сўраб қоламиз!
Фуқароларимиздан меҳнат шартномаси ва Корея қонунчилигига қатъий амал қилиш, белгиланган муддатда ватанга қайтиш сўралади. Бу – келгусида бошқа фуқаролар учун ҳам ишлаш имкониятларини кенгайтириш ёки аксинча, чеклаш билан боғлиқ муҳим омил ҳисобланади.
Жорий йил ноябрь–декабрь ойларида Кореянинг иш берувчи округ ҳокимликларидан бўш иш ўринлари юзасидан талабнома ва номзодларни олишга келишилди. Миграция агентлигининг XORIJDA ISH телеграм каналида бу ҳақда алоҳида эълон берилади.