Ўзбекистон элчиси ва Эроннинг Форс вилояти губернатори ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев Эроннинг Форс вилоятига ташрифи давомида вилоят губернатори Ҳуссейн Али Амирий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот аввалида томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мустаҳкамланиб бораётганини қайд этдилар.
Губернатор Ҳуссейн Али Амирийнинг айтишича, минтақадаги яқин қўшнилари билан муносабатларни мустаҳкамлаш Эрон давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Учрашувда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқалари учун муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Эрон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.