Валюта курслари 10/02/2026
$1 – 12320.34
UZS – 0.14%
€1 – 14614.39
UZS – 0.73%
₽1 – 159.36
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон Дубайдаги World Health Expoда фармацевтика салоҳиятини тақдим этди

Ўзбекистон Дубайдаги World Health Expoда фармацевтика салоҳиятини тақдим этди

Ўзбекистон Дубайдаги World Health Expoда фармацевтика салоҳиятини тақдим этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги жорий йилнинг 9-12 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилаётган “World Health Expo” халқаро кўргазмасида “Savdoni rivojlantirish kompaniyasi” АЖ ва Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди доирасида маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликда иштирок этмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур кўргазма соғлиқни сақлаш соҳасида минтақанинг энг йирик ва нуфузли иқтисодий платформаларидан бири ҳисобланади.

Тадбир доирасида иқтисодий таҳлил майдончаси, B2B форматдаги учрашувлар, ишбилармонлар форуми ҳамда савдо музокаралари ташкил этилган бўлиб, бу миллий фармацевтика маҳсулотлари экспортини ошириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва янги ишбилармон шериклар билан муносабатлар ўрнатиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

“World Health Expo” халқаро кўргазмаси доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари "Meyer Group", "Hiba Pharma", "Toei Shinyaku", "New Country Healthcare" ҳамда бошқа қатор етакчи хорижий фармацевтика компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказдилар.

Учрашувлар давомида томонлар фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, агентлик вакиллари иштирокчиларга "Tashkent Pharma Park" фармацевтика кластери фаолияти, унинг инфратузилма салоҳияти, ишлаб чиқариш ва логистика йўналишларида яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Шунингдек, хорижий инвесторлар учун таклиф этилаётган имтиёзлар, жумладан солиқ ва божхона преференциялари, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда давлат томонидан яратилаётган қўшимча имкониятлар тақдим этилди. Музокаралар чоғида дори воситаларини ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда маҳаллий бозорга чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, кўргазманинг биринчи куни доирасида агентлик вакиллари Корея Республикасининг Daegu Gyeongbuk Medical Innovation Foundation (K-MEDIHUB) ташкилоти билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда томонлар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика инновациялари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Учрашув давомида Агентлик ва K-MEDIHUBнинг мақсадлари, асосий фаолият йўналишлари ҳамда халқаро тажриба алмашиш имкониятлари юзасидан маълумотлар алмашилди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда кадрлар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувлар конструктив руҳда ўтиб, томонлар келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий қадамлар қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР