Ўзбекистон дипломларни тан олиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 25 ноябрда Париж шаҳрида қабул қилинган Олий таълим соҳасидаги малакаларни тан олиш тўғрисидаги Глобал конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги Қонунни имзолади.
Ҳужжат миллий таълим тизимларининг халқаро интеграциясини янада мустаҳкамлаш ва турли давлатларда олинган малакаларни тан олиш бўйича ягона қоидаларни яратишга қаратилган.
Конвенция таълим ҳужжатларини умумий тан олишни таъминлайди ҳамда дипломлар, сертификатлар ва бошқа малака ҳужжатларини академик ва касбий тан олиш тартибини соддалаштиради.
Олий таълим соҳасида БМТ доирасида қабул қилинган илк халқаро битим саналган мазкур Глобал конвенция таълим ҳужжатларини адолатли ва ошкора баҳолашнинг универсал механизмларини белгилайди.
У минтақалараро академик мобильликни ривожлантиришга, талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг эркин ҳаракатланишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, малакаларни тан олишнинг умумий тамойилларини мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатлар ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиради.