Ўзбекистон делегациясининг Канададаги самарали учрашувлари
Ўзбекистон делегациясининг Канададаги самарали учрашувлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25–27 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Канадага расмий ташрифи амалга оширилди.
Ташриф мобайнида Ўзбекистон делегациясининг самарали учрашувлари бўлиб ўтди. Жумладан, делегация Канада Сенати Спикери Раймонда Ганье билан учрашиб, икки мамлакат парламентлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, сенаторлар С.Атауллахжан ва М.Равалиа билан бўлиб ўтган учрашувда парламент дипломатияси, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, миграция ва хавфсизлик масалалари бўйича тажриба алмашиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, делегация Канада парламенти Жамоалар палатаси Спикери Ф.Скарпаледжа билан ҳам учрашиб, Ўзбекистон ҳамда Канада ўртасида парламентларнинг қуйи палаталари даражасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма экспертлар мулоқотини ташкил этиш борасида фикр алмашилди.
Канада парламентида ташкил этилган "Ўзбекистон куни" тадбири иштирокчиларнинг катта қизиқиши билан ўтди. Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестицион муҳитдаги ўзгаришлар, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати, яшил энергетика ва инновациялар йўналишидаги янги ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Канада парламенти аъзолари Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган ютуқларини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдирди.
27 ноябрь куни делегация Торонто шаҳрида фаолият олиб бораётган бир қатор ташкилотларда учрашувлар ўтказди. Онтарио университетлар кенгаши президенти С.Орсини билан бўлиб ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Канада олий таълим муассасалари томонидан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
“Vector Institute” раҳбарияти билан учрашувда сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, киберхавфсизлик, IT таълими ва инновацион тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиш, ўзбекистонлик ёшларни замонавий технологиялар соҳасига жалб қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, делегация Канадада истиқомат қилаётган ватандошлар, ёшлар ва талабалар билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик сиёсати, ватандошлар билан ишлаш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди ҳамда улар томонидан билдирилган таклифларни муҳокама қилди.