Ўзбекистон делегацияси Венгриядаги Венгрия-Туркий давлатлар саммитида фаол иштирок этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 28 апрель куни Будапешт шаҳрида биринчи Венгрия-Туркий давлатларнинг маданият, олий таълим ва инновациялар масалалари бўйича саммити бўлиб ўтмоқда. Саммитда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев бошчилигидаги делегация фаол иштирок этмоқда.
Венгрия Маданият ва инновациялар вазири Балаж Ханко очиб берди. Вазир Ханко форум аҳамияти, минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши ва Венгриянинг ушбу жараёндаги фаол иштироки ҳақида тўхталди.
Саммитнинг “Минтақавий ҳамкорликнинг кучи: Туркий давлатлар ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш” ҳамда “Минтақавий инновацион ҳамкорлик: Туркий давлатлар ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш” мавзуларидаги панель сессияларида Венгрия ва туркий тилли давлатларнинг олий таълим, маданият ва инновациялар бўйича вазирлари, вазир ўринбосарлари, олий таълим муассасалари раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этдилар.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев Ўзбекистоннинг таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ютуқлари, шунингдек, туркий давлатлар ва Венгрия билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга оид истиқболли режалар тўғрисида сўзлади.
Ш. Далиев Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқлари ҳақида сўз юритди. У мамлакатимизда амалиётга жорий этилаётган инновацион экотизим, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги лойиҳалар, рақамли трансформация ва стартап экотизимидаги ривожланиш ҳақида маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Венгрия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган "Stipendium Hungaricum" дастури орқали юзлаб ўзбекистонлик талабалар Венгриянинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда.
Ўзбекистоннинг инновацион стратегиялари ва ҳамкорликдаги ютуқлар Туркий давлатлар ва Венгрия билан янада кучли ва самарали ҳамкорликка асос бўлмоқда. Саммит доирасида янги лойиҳалар ва ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.