Ўзбекистон делегацияси “Великий камень” индустриал паркида бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари О.Раматов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасидаги “Великий камень” индустриал паркига ташриф буюрди. Делегация таркибида Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳ.Сафаров ҳам ўрин олган.
“Великий камень” индустриал парки — Минск шаҳридан 25 км масофада жойлашган, замонавий инфратузилма, саноат меъморчилиги ва экология талабларига жавоб берадиган халқаро бизнес майдони ҳисобланади. Ушбу парк бизнес учун тайёр муҳандислик, логистика, божхона ва маъмурий инфратузилма, солиқ имтиёзлари ҳамда инвестиция муҳитининг самарали ташкилий хизматлари билан ажралиб туради.
Ташриф доирасида парк маъмурияти раҳбарияти томонидан делегация аъзоларига индустриал паркдаги имтиёзли инвестиция сиёсати, инфратузилма имкониятлари, қонунчиликдаги тартиблар ва ҳудуддаги резидентлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси парк ҳудудидаги йирик корхоналардан бири — “КУВО” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу корхона ер усти транспорти учун шиша маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, меҳмонларга ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулот намунаси намойиш этилди.
Бундай ташрифлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва юқори технологияли лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.