Ўзбекистон делегацияси стартаплар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жанубий Корея тажрибасини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Корея стартапларни қўллаб-қувватлаш ва инновацияларни ривожлантиришда дунёда етакчи давлатлардан бири саналади. “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Савдо-саноат палатаси делегациясининг навбатдаги ташрифлари айнан ушбу йўналишга қаратилди.
Делегация KISEd (Korea Institute of Startup & Entrepreneurship Development) раҳбарлари билан учрашиб, стартап ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий тажриба билан танишди.
Шунингдек, Сеул фан ва технологиялар миллий университетига ташриф буюрилди. Университетда Startup Support Foundation, Startup Training Programs, Student Startup Support ва Business Incubation Support каби дастурлар амалга оширилиб, ёшлар ва талабаларнинг бизнес ғояларини синовдан ўтказиш ҳамда бозорга чиқариш имкониятлари яратилган.
Учрашувларда Жанубий Корея тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Университет вакиллари малакали мутахассисларни жалб қилиш ва тажриба алмашиш дастурларини биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Натижада, KISEd билан ҳамкорликда стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмларини Ўзбекистонда жорий этиш, Сеул фан ва технологиялар миллий университети билан тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш ҳамда ўзбекистонлик ёшлар ва талабаларни стартап дастурларига жалб қилиш бўйича қўшма ташаббусларга келишилди.