Валюта курслари 18/06/2025
$1 – 12668.14
UZS – -0.37%
€1 – 14640.57
UZS – -0.61%
₽1 – 161.15
UZS – -0.37%
Қидириш
Ўзбекистон 16/05/2025 Ўзбекистон делегацияси “Россия ислом дунёси” форумида фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси “Россия ислом дунёси” форумида фаол иштирок этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 14–17 май кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилаётган “Россия ислом дунёси” халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мазкур форум дунёнинг энг йирик тижорат компаниялари, шунингдек, 12 та хорижий давлат делегацияларини бир жойга жамлаган йирик халқаро тадбир ҳисобланади. 

Форум доирасида “Қозон Экспо” кўргазмалар саройида Ўзбекистон Республикасининг миллий стенди ташкил этилди. Ушбу стендда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган бўлиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан экспортбоп 58 турдаги маҳсулотлар намойиш этилмоқда. 

Хусусан, кўргазмада гилос, ўрик каби ҳўл мевалар, консерваланган миллий таомлар, турли хил зираворлар, шунингдек, консерваланган, қуритилган ва сублимацияланган мева-сабзавотлар, шафран, шарбатлар, салқин ичимликлар ҳамда қандолат маҳсулотлари кенг намойиш этилди. 

Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, қатор тижорат компаниялари раҳбарлари миллий стендимиз билан яқиндан танишиб чиқишди.

Улар айниқса Ўзбекистонда етиштирилаётган мевалар, консерваланган миллий таомлар ва ўзига хос зираворларга катта қизиқиш билдиришди. 

Шунингдек, форум давомида Новосибирск шаҳридаги тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ҳудудида мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотларни бирламчи қайта ишлаш йўналишида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Мазкур форум Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, миллий маҳсулотларимизни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва хорижий инвесторларни жалб этиш борасида муҳим майдонга айланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг