Ўзбекистон делегацияси Глобал соғлиқни сақлаш дипломатияси бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Глобал соғлиқни сақлаш дипломатияси бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алишер Бобоев бошчилигида, 2026 йил 16–18 февраль кунлари Ашхобод шаҳрида ўтган Глобал соғлиқни сақлаш дипломатияси бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди.
Тадбир ЖССТ Европа ва Марказий Осиё минтақасига аъзо 10 давлат вакилларини бирлаштириб, ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва соғлиқ хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилди.
Алишер Бобоев ўз нутқида шундай таъкидлади: “Ушбу мулоқотни мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириш ва минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш учун муҳим сиёсий платформа сифатида баҳолаймиз.”
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ЖССТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори доктор Ҳанс Клуге билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Унда «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасидаги соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотлари ҳамда ЖССТнинг Европа иш дастури (EPW2), Мамлакат билан ҳамкорлик стратегияси (ССS) ва 2030 йилгача мўлжалланган Иккинчи Марказий Осиё йўл харитаси (CARM2) доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқот ЖССТнинг Европа минтақавий директори доктор Ҳанс Клуге ташаббуси билан йўлга қўйилган AHEAD (Action for Health through Engagement, Advocacy, and Diplomacy - "Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик, ҳимоя ва дипломатия орқали ҳаракатлар") флагман дастури доирасида ўтказилди.
Дастур соғлиқни сақлаш раҳбарлари ва дипломатларни бирлаштириш, умумий ёндашувларни шакллантириш ҳамда глобал қарорлар марказида инсон саломатлиги ва шаънини сақлаб қолишга қаратилган.