Ўзбекистон делегацияси Даниянинг давлат хизматларини рақамлаштириш тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон делегацияси Даниянинг давлат хизматларини рақамлаштириш тажрибасини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Э. Махкамов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Дания Рақамли ҳукумат марказида Дания Рақамли ҳукумат вазирлиги, Рақамли ҳукумат агентлиги, Дания ҳукумати IТ-хизматлари агентлиги, Дания савдо палатаси, Дания соғлиқни сақлаш бошқармаси, Дания Давлат архиви ва Дания Маълумотларни ҳимоя қилиш агентлигининг раҳбарияти ва масъул шахслари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда давлат бошқарувида рақамли технологияларни жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш, давлат хизматлари ва бошқа хизматларни аутсорсинг асосида хусусий секторга ўтказиш, маълумотлар ва ҳужжатларни рақамлаштириш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш чоралари борасидаги илғор тажрибалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Даниянинг давлат, бизнес ва илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик асосида янги рақамли ечимларни яратиш, бизнес фаолиятини бошлашда рақамли маҳсулотларни амалиётга самарали татбиқ этишдаги муҳим тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Ушбу хизмат сафари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинмоқда.