Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Иқтисод 26/06/2025 Ўзбекистон делегацияси Австрияда ҳудудларни ривожлантириш бўйича Европа тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон делегацияси Австрияда ҳудудларни ривожлантириш бўйича Европа тажрибасини ўрганмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Агентлик директори Баходир Рахматов бошчилигида Европа мамлакатлари ҳудудларининг салоҳияти ва хусусиятларига асосланган ривожланиш ёндашувлари, ҳудудий бошқарув тизимини ташкил этиш принциплари, минтақалараро тафовутларни камайтириш, ҳудудлараро ҳамкорлик моделларини ўрганиш ва барқарор ривожланиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар билан танишиш мақсадида ишчи сафарда бўлиб турибди.

Сафарнинг биринчи кунида Халқаро маслаҳатчилар кенгаши раиси Алфред Гузенбауэр билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Австриянинг маъмурий тузилмаси тақдимот қилинди, ХМК билан 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистонда иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги муҳим ислоҳотларни, жумладан қишлоқ хўжалиги, демографик барқарорлик ва инновацион ечимларни жорий этишга доир ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек сафар давомида Австрия Молия вазирлигида вазирлик маслаҳатчиси жаноб Флорентин Кершбаумер билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида федерация ва минтақалар ўртасида ваколатлар тақсимоти тизими ва уни қўллаб-қувватловчи мослашувчан молиявий механизмлар муҳокама қилинди. Австрия томони ҳудудлар бошқаруви мустақиллигини сақлаган ҳолда ресурсларни самарали қайта тақсимлашга қаратилган модель ҳақида маълумот берди.

Вена шаҳар ҳокимлигида делегация шаҳар коммунал масалалари бўйича бўлим бошлиғи Томас Борн билан учрашди. Учрашувда Томас Борн шаҳар ҳаётини бошқаришда тизимли ёндашув, асосий функцияларни хусусийлаштиришдан воз кечиш, фуқароларнинг ҳаёт сифатига устувор эътибор ва барқарор ривожланиш масалалари ҳақида сўзлаб берди. Коммунал хизматларни, узоқ муддатли режалаштириш ва шаҳар бошқарувидаги барқарорликни таъминлашга қаратилган воситалар намойиш этилди.

Биринчи кун якунида делегация Австрия қуйи федерал ҳудуди – Қуйи Австриянинг маъмурий маркази Санкт-Пёлтен шаҳрига ташриф буюрди. Қуйи Австрия федерал ерининг раиси Ёханна Микл-Лайтнер ва экология ва энергетика масалалари бўйича бўлим раҳбари Питер Обрикҳт билан учрашув ўтказилди. Австрия томони чиқиндиларни қайта ишлаш тизими, инфратузилма ечимлари ва минтақавий даражадаги экологик ресурслар бошқаруви модели билан таништирди.

Делегация ташрифи давом этмоқда. Сафар доирасида Чехия ва Полшага ҳам ташрифлар режалаштирилган. Учрашувлар натижаси ва ўрганилган хорижий тажриба асосида Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимликларнинг туман ва шаҳарларни ривожлантиришни режалаштиришдаги ролини ошириш ҳамда ресурсларни тақсимлаш ва ҳудудий бошқарувнинг самарали воситаларини жорий этиш ва инфратузилмавий масалаларга ечим топишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг