Ўзбекистон АҚШ билан фуқаролар учун визавий режимни соддалаштириш масаласида музокаралар олиб бормоқда
Ўзбекистон АҚШ билан фуқаролар учун визавий режимни соддалаштириш масаласида музокаралар олиб бормоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ўз фуқаролари учун визавий режимни эҳтимолий соддалаштириш юзасидан АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов Daryo нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу жараён узоқ давом этиши мумкин ва Америка томонининг қарорларига боғлиқ.
Дипломат визавий режимнинг аниқ шартлари АҚШ ҳукумати ички сиёсати асосида белгиланишини таъкидлади.
Шу билан бирга, у икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихий жиҳатдан юқори даражага чиққанини ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.
«Фақат ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон ва АҚШ президентлари ўртасида тўрт марта мулоқот бўлиб ўтди: икки телефон суҳбати ва икки учрашув — Нью-Йорк ҳамда Вашингтон шаҳарларида.
Ушбу мулоқотлар натижасида кенг кўламли келишувларга эришилди. Бу АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган эътиборини, мамлакат салоҳиятини ва ҳамкорликка тайёрлигини кўрсатади», — дея таъкидлади Сидиқов.
Элчи, шунингдек, 2026 йил январь ойи охиридан бошлаб АҚШ фуқаролари учун 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим жорий этилишини маълум қилди. Кутилишича, бу туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, дипломат визасиз режим бўйича музокаралар нафақат АҚШ, балки Бразилия, Канада ва қатор бошқа давлатлар билан ҳам олиб борилаётганини қайд этди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хорижий фуқаролар учун визавий тартиб-таомилларни енгиллаштиришга бўлган интилишини акс эттиради.