Валюта курслари 16/01/2026
$1 – 11969.66
UZS – -0.27%
€1 – 13927.90
UZS – -0.4%
₽1 – 152.56
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 2030 йилгача хорижий туристлар оқимини 20 миллионга етказишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон 2030 йилгача хорижий туристлар оқимини 20 миллионга етказишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон 2030 йилгача хорижий туристлар оқимини 20 миллионга етказишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2030 йилгача туристик соҳани ривожлантириш мақсадларига мувофиқ, Ўзбекистонда туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Бу инвестицияларни жалб этиш, туристик хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали қўшимча иқтисодий ўсишни таъминлаш имконини беради.

«Ўзбекистон – 2030» такомиллаштирилган стратегия лойиҳасида хорижий туристлар оқимини сезиларли даражада кўпайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Айни пайтда мамлакатга 11 миллиондан ортиқ хорижий фуқаро ташриф буюрмоқда ва 2030 йилга келиб ушбу кўрсаткични 20 миллион кишига етказиш, жумладан тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар улушини ошириш ҳисобидан таъминлаш режалаштирилган.

Стратегик мақсад сифатида туристик хизматлар экспорти ҳажмини йиллик 6 миллиард АҚШ долларидан ошириш ҳам белгиланган.

Ушбу кўрсаткичга эришиш туристик хизматлар турларини кенгайтириш, рақобатбардош туристик маҳсулотларни шакллантириш ва миллий туристик салоҳиятни халқаро бозорларда фаол тарғиб қилиш орқали таъминланади.

Соҳани ривожлантиришда ҳал қилувчи омиллардан бири инфратузилмани модернизация қилиш бўлиб қолмоқда. Мамлакатнинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғлиқлигини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ва йўлда сарфланадиган вақтни камида уч баробар қисқартириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини икки баробарга ошириш назарда тутилмоқда, бу эса юқори даражадаги хизматлар таклифини кенгайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, туристик маҳсулотларни диверсификация қилишга ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятини тўлиқ очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Устувор йўналишлар қаторида Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида тан олинадиган туристик брендини шакллантириш, замонавий реклама воситаларини жорий этиш ва мамлакатнинг халқаро туристик бозорда нуфузли йўналиш сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш белгиланган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг