“Ўзбекистон — 2030” стратегияси устувор мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш истиқболлари
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси устувор мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш истиқболлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 апрель куни Инсон ҳуқуқлари уйида бўлиб ўтган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди. Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти докторантлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” магистратура босқичи тингловчилари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқот олиб борувчи докторантлар, мустақил изланувчилар қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов давра суҳбати иштирокчилари эътиборини “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ва мақсадларга эришишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигига қаратди. Янги Ўзбекистонда инсон қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори профессор Муроджон Турғунов, Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, профессор Миродилжон Баратов сўзга чиқиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда ижтимоий адолатни қарор топтириш ушбу Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Мунозаралар давомида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Стратегиянинг бошқа стратегик ҳужжатлар билан уйғунлиги, ўз навбатида, уларнинг изчил ва самарали амалга оширилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратилди.
Давра суҳбати якунида кейинги тўққиз йилда Янги Ўзбекистонда тараққиёт стратегиялари ва юксалиш дастурларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ҳамда ижро этиш борасида ибратли тажриба тўплангани ва муайян мақбул амалиёт шакллангани эътироф этилди. Хусусан, янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида 2026 йилда “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш белгилангани жуда муҳимдир.
Янги Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи миллий стратегияси ҳисобланадиган мазкур ҳужжат лойиҳаси юзасидан ҳам таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.