Валюта курслари 16/03/2026
$1 – 12081.63
UZS – -0.17%
€1 – 13837.09
UZS – -1.1%
₽1 – 150.44
UZS – -1.72%
Қидириш
““Ўзбекгидроэнерго”нинг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалар” мавзусидаги матбуот анжумани

““Ўзбекгидроэнерго”нинг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалар” мавзусидаги матбуот анжумани

““Ўзбекгидроэнерго”нинг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалар” мавзусидаги матбуот анжумани

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакат иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири бўлган энергетика тизимини изчил ривожлантириш, мавжуд қувватларни мустаҳкамлаш ва янада ошириш, шунингдек аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида қайта тикланувчи энергия манбалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ана шундай муҳим манбалардан бири ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи сўнгги йилларда жадал тараққий этиб, мамлакат иқтисодиётида самарадор ва барқарор соҳага айланиб бормоқда.

Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги гидроэнергетика объектларини барпо этиш ҳамда мавжуд қувватларни модернизация қилиш орқали соҳада сезиларли натижаларга эришилмоқда. Яратилган қўшимча қувватлар эса Ўзбекистон гидроэнергетикаси салоҳиятини нафақат барқарор ҳолатда сақлаш, балки уни йилдан-йилга изчил равишда ошириб боришга хизмат қилмоқда.

Бугун, 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Жамият томонидан ““Ўзбекгидроэнерго”нинг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалар” мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида Жамият бошқаруви раҳбарияти, ижро аппарати департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, масъул мутахассислар, телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.

Президент ташаббуси ва тегишли қарори билан 2017 йилда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ушбу қарор гидроэнергетика соҳасини тизимли ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва янги қувватларни барпо этишда муҳим аҳамият касб этди.

Жамият ташкил этилган вақтда республикада жами қуввати 1 604 мегаватт бўлган 36 та гидроэлектр станция фаолият юритар эди. Сўнгги йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида ишлаб чиқариш қувватлари 800 мегаваттга оширилиб, умумий қувват 2 400 мегаваттга етказилди. Бугунги кунда эса республикадаги гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ошди.

Ўтган давр мобайнида 13 та мавжуд гидроэлектр станция модернизация қилинди, 64 та янги объект фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 1,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилинди.

2025 йил якунлари бўйича Жамият корхоналари томонидан 6,5 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Давлат инвестиция дастури доирасида 237 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Шу билан бирга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 700 млрд. сўмдан ошди.

Жорий 2026 йилда эса электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 15 фоизга ортиғи билан бажариш, 264 млн. доллар ҳажмидаги инвестицияни ўзлаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 935 млрд. сўмга етказиш режалаштирилган.

Жорий 2026 йилда Жамият томонидан умумий қуввати 152 мегаватт бўлган 15 та янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширилиши ва 276 та янги иш ўринларини яратилиши кўзда тутилган.

Яна бир муҳим йўналиш – гидроэнергетика соҳасида маҳаллийлаштириш даражасини оширишдир. Шу мақсадда, Бўстонлиқ туманида гидроагрегатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “UzHydroPower” қўшма корхонаси ишга туширилди. Ушбу корхонада қуввати 1 кВтдан 40 МВтгача бўлган гидроагрегат ва зарурий эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа доирасида 300 та янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, сув омборлари ва гидроэнергетика объектларида рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишлари кенг жорий этилмоқда. Хусусан, Ягона вазиятлар маркази ташкил этилди ва 4 700 дан ортиқ автоматлаштирилган назорат-ўлчов қурилмалари орқали сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилди.

Истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш мақсадида Жамиятимизда “лойиҳалар фабрикаси” ташкил этилган бўлиб, умумий қуввати 3,2 гигаватт бўлган 50 га яқин лойиҳа устида ташкилий-амалий ишлар олиб борилмоқда.

Халқаро майдонда ҳам Жамиятимиз нуфузи тобора ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган 2025 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро кредит рейтинги “BB-”дан “BB” даражасига кўтарилди. Шунингдек, Жамият ISO 37001 ва ISO 31000 халқаро стандартлари бўйича сертификатларга эга бўлди. ESG халқаро рейтингида 79 балл билан Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эришилди.

Албатта, бу натижалар халқаро инвесторларнинг ишончини янада мустаҳкамламоқда. Бугунги кунда АҚШ, БАА ва Хитойнинг йирик молиявий институтлари томонидан Жамиятимиз лойиҳаларини тўғридан-тўғри молиялаштиришга тайёр эканликлари билдирилмоқда.

Тадбир давомида Жамият мутахассислари томонидан анжуман иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар, ахборот ва маълумотлар берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг