«Ўзбекгидроэнерго» Сурхондарё гидросалоҳиятини ўрганмоқда
«Ўзбекгидроэнерго» Сурхондарё гидросалоҳиятини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 26 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси доирасида «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳудуднинг гидроэнергетик салоҳиятини комплекс ўрганиш ишларини бошлади.
Жамият бошқаруви раиси Ислом Абдурахмонов раҳбарлигидаги экспертлар гуруҳи денгиз сатҳидан қарийб 3000 метр баландликда жойлашган Юқори Тўполанг ҳудудини вертолёт орқали кўздан кечириб, табиий-рельеф шароити, сув оқимлари ва гидрологик хусусиятларни тезкор ўрганди.
Ишларнинг асосий мақсади сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришдан иборат.
Дастлабки маълумотларга кўра, Юқори Тўполанг ҳудуди бир қатор истиқболли гидроэнергетик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини беради. Уларни босқичма-босқич амалга ошириш экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни ошириш ва Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожи учун замин яратади.
Кейинги «миллий лойиҳа» доирасида умумий қуввати 80 МВт бўлган учта Киштут гидроэлектр станцияси каскадини қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, Зарчоб подстанциясидан Киштут ГЭСлар створигача 110/220 кВ кучланишли, умумий узунлиги 17,791 километр бўлган икки занжирли ҳаво электр узатиш линияси қурилмоқда. Бу ҳудуднинг тоғли ва тоғолди қисмларида энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш имконини беради.
Юқори Тўполанг дарёсидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун топографик ишлар олиб борилмоқда.
Мутахассисларга Мизот дарёси сув оқими ошишини инобатга олган ҳолда лойиҳаларга олиб борувчи йўллар қурилишини жадаллаштириш, бурғулаш-портлатиш ишларини хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Ушбу чора-тадбирларни изчил амалга ошириш қайта тикланувчи энергетика улушини кенгайтириш, экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш ҳамда Сурхондарё вилоятининг барқарор ривожини таъминлашга хизмат қилади.