“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва АҚШнинг Джон Хопкинс университети: Барқарор ривожланиш сари халқаро ҳамкорлик
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва АҚШнинг Джон Хопкинс университети: Барқарор ривожланиш сари халқаро ҳамкорлик
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг август ойида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – АҚШнинг Балтимор шаҳрида жойлашган, 1876 йилда таъсис этилган нуфузли Джон Хопкинс университети ўртасида ҳамкорликка оид Меморандум имзоланди. Европа тадқиқот институти моделига асосланган биринчи АҚШ университети сифатида танилган мазкур таълим даргоҳи доимий равишда дунёдаги энг нуфузли илмий марказлари қаторида қайд этилмоқда.
Университет бугунги кунда АҚШ Миллий университетлари рейтингида 7-ўринни эгаллаб, фан, таълим ва инновация соҳасида етакчиликни давом эттириб келмоқда.
Ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари
Имзоланган Меморандум энергетикада барқарор ривожланиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, ESG тамойиллари (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) асосида фаолият юритиш ҳамда илғор халқаро тажриба алмашинувига қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида қуйидаги ташаббуслар амалга оширилмоқда:
Халқаро тренинглар ва ўқув курслари – барқарор ривожланиш, ESG стандартлари, молиявий ва номолиявий ҳисоботлар, корпоратив бошқарув соҳаларида билим ва кўникмаларни ошириш.
Илмий-амалий семинарлар – халқаро тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш.
Қўшма тадқиқот лойиҳалари – гидроэнергетика ва “яшил” технологияларга оид инновацион ечимлар ишлаб чиқиш.
Тажриба алмашиш дастурлари – Жамият мутахассисларининг АҚШ ва бошқа мамлакатларда стажировкаларда иштирок этиши.
Миллий стратегия билан уйғун ривожланиш
Ҳамкорлик ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “2025 йил акциядорлар кутилмалари”га тўлиқ уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Меморандум ижроси “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва экологик жиҳатдан барқарор гидроэнергетика тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
2025 йил, ноябрь: Энергия трансформацияси бўйича ўқув дастури
Президентнинг 2025 йил 30 январдаги “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш тўғрисида”ги ПФ–16-сон Фармони ижроси доирасида, 2025 йил август ва ноябрь ойларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ижро аппаратининг бир гуруҳ ходимлари Джон Хопкинс университетида “Leading the Energy Transition: Strategies for Sustainable Business in a Low-Carbon Economy” (“Энергия трансформациясидаги етакчилик: кам углеродли иқтисодиётда барқарор бизнес стратегиялари”) мавзусидаги ўқув дастурида иштирок этдилар.
Ушбу дастур доирасида иқлим ўзгариши, энергия хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, тоза энергия технологиялари, янги бозорлар ва энергия трансформацияси омилларини корпоратив қарор қабул қилиш жараёнларига интеграция қилиш каби масалалар чуқур ўрганилди. Ўқув машғулотлари келажак раҳбарлари ва трансформация жараёнида фаол иштирок этувчи мутахассислар учун мўлжалланган.
Ўқув дастури якунларига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ходимлари Джон Хопкинс университети томонидан махсус сертификатлар билан тақдирланди. Мазкур сертификатлар иштирокчиларнинг энергия трансформацияси, барқарор бизнес стратегиялари ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича халқаро даражадаги билим ва кўникмаларга эга эканлигини тасдиқлайди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро сертификатлар “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий ва илғор билимларни трансформация жараёнига изчил татбиқ этиш ва Жамиятнинг келгусидаги барқарор ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.