Озиқ-овқат маҳсулотларини музлатиш ва сақлашнинг янги технологиялари маркази тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 август куни Тошкентда Air Products компанияси томонидан ташкил этилган Озиқ-овқат маҳсулотларини музлатиш, қайта ишлаш ва сақлашнинг янги технологиялари марказида янги лойиҳага доир инновацион ускуналар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда бизнес доиралари иштирок этди. ИССВ вазири маслаҳатчиси Абдулла Хашимов Марказ фаолиятини агро-саноат мажмуасини модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш йўлидаги муҳим босқич сифатида қайд этди.
Марказ шокли музлатиш ҳамда модификацияланган газли муҳитда (MAP) қадоқлаш ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда ишлаб чиқарувчилар технологиялар ишини кузатиши, ўқув дастурларида қатнашиши, уларни ўз корхоналарига мослаштириши ва криоген музлатишнинг афзалликларини баҳолаши мумкин.
Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Навои шаҳрида кунига 120 тонна ишлаб чиқариш қувватига эга, 99,99% тозаликка эга суюқ карбонат ангидрид ишлаб чиқариш заводи ҳам ишга туширилди.
Марказ фаолияти агро-саноат соҳасининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш вазифалари билан узвий боғланган. Комплекс барча сифат ва мувофиқлик сертификатларини, жумладан, халқаро «Ҳалол» стандартини қўлга киритди. Бу эса ўзбек маҳсулотлари экспорт географиясини кенгайтиришга ва уларнинг жаҳон бозорларидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.