Валюта курслари 27/08/2025
$1 – 12354.65
UZS – 0.4%
€1 – 14384.52
UZS – -0.03%
₽1 – 153.93
UZS – 0.9%
Қидириш
Ўзбекистон 27/08/2025 Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонда

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Замонавий озиқ-овқат хавфсизлиги бошқаруви бўйича тажриба алмашиш мақсадида 25-28 август кунлари тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Озарбайжонга ташриф буюрди. Ташриф БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

25 август куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бошчилигидаги делегация Озарбайжон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги агентлиги (АФСА)да қабул қилинди. Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария соҳаларида тажриба алмашдилар.

АФСА раиси ўринбосари Закия Мустафаеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ташрифлар, имзоланган келишувлар ва қўшма ташаббуслар орқали изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон делегациясига Озарбайжонда озиқ-овқат хавфсизлиги қонунчилигини такомиллаштириш, хавф-хатарларга асосланган текширув механизмлари, инқирозли вазиятларни бошқариш тизимлари ва тезкор огоҳлантириш механизмларининг жорий этилиши ҳақида батафсил маълумот берилди. Тақдимотларда, шунингдек, қуйидаги масалалар ёритилди:

назорат ва инспекция тартиблари, жумладан, ҲАССП (Хавфларни таҳлил ва назорат қилишнинг муҳим нуқталари) тизимининг қўлланилиши;

озиқ-овқат маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш талаблари;

янги маҳсулот турлари, озиқ-овқат қўшимчалари, пестицидлар, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби;

миллий рақамли тизим – АҚТИС (Автоматлаштирилган озиқ-овқат хавфсизлиги ахборот тизими) фаолияти;

жамоатчилик билан мулоқот, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ва ахборот материалларини тайёрлаш.

Ташриф дастури давомида Озарбайжон Озиқ-овқат хавфсизлиги институти (АФСИ)даги учрашувлар, шунингдек, чегара назорат пунктлари ва лабораторияларга ташрифлар бўлиб ўтди. Бу жараён ўзбекистонлик мутахассисларга озиқ-овқат импорти ва экспорти назоратида “ягона дарча” моделининг амалиётини ўрганиш имконини бермоқда.

Мазкур ўқув ташриф Ўзбекистонга институтларни ислоҳ қилиш, лабораторияларни мустаҳкамлаш ҳамда манфаатдор томонларни озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасига кенгроқ жалб этиш бўйича қимматли тажрибаларни ўрганиш имконини берди.

Делегация таркибида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария қўмитаси, Ўсимликларни карантини ва ҳимоя қилиш агентлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ҳисоб палатаси ҳамда Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбар ходимлари иштирок этмоқда.

Ушбу ташаббус ФАО томонидан Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқарувини кучайтириш ва савдони енгиллаштириш йўналишидаги узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Озарбайжон тажрибасини ўрганиш орқали Ўзбекистон истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш имкониятларини яратиш, шунингдек, халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР