Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида аграр суғурта соҳасида онлайн учрашув ўтказилди
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида аграр суғурта соҳасида онлайн учрашув ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон Республикаси Аграр суғурта жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси раҳбарлари иштирокида ZООМ платформаси орқали онлайн мулоқот ташкил этилди.
Мазкур учрашувда аграр суғурта тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Жумладан, муҳокамалар давомида иссиқхона хўжаликлари, картошка, пиёз ва бошқа полиз экинларини суғурталаш тартиби, зарарларни баҳолаш механизми ҳамда мустақил экспертлар иштирокини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, чорвачилик соҳасида суғурта қиймати, суғурта пули ва тарифларни белгилаш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида суғурта шартномаларини тузиш, суғурта объектларини белгилаш ҳамда зарарларни аниқлаш тартибига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда, шунингдек, суғурта қалтисликлари ва зарар қопламаларини ҳисоблаш усуллари юзасидан ҳам фикр ва таклифлар билдирилди.
Ушбу мулоқот икки давлат ўртасида аграр суғурта соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва соҳада самарали механизмларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.