Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Иқтисод 19/06/2025 ОТБ ва Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди

ОТБ ва Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 июнь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Бҳаргав Дасгупта бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ОТБнинг хусусий секторни ривожлантириш бўйича минтақавий раҳбари Энрико Пинали, ОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг ижрочи директори Мурод Фармонов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ҳамда истиқболдаги режалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий тенденциялар юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Хусусан, қуйидаги йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди:

Инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллект ва стартап лойиҳаларни кенгайтириш;

Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш;

Мамлакатимиздаги макроиқтисодий жараёнлар, хусусан, инфлация даражасини паст кўрсаткичларда барқарорлигини таъминлаш;

Яшил трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш;

Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳаётга тадбиқ этилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш;

Ипотека бозорини қўллаб-қувватлаш;

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан лойиҳаларни кенгайтириш;

Хусусийлаштириш жараёнлари.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда юқоридаги йўналишлар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг